Линклар

Шошилинч хабар
01 июл 2025, Тошкент вақти: 00:20

Екатеринбургдаги рейд. Боку билан Москванинг муносабати таранглашди


Озарбайжон ва Россия байроқлари олдидан ўтиб кетаётган шахс. Расм иллютрация учун ишлатилди.
Озарбайжон ва Россия байроқлари олдидан ўтиб кетаётган шахс. Расм иллютрация учун ишлатилди.

Екатеринбургда 27 июн куни инсон ўлими билан якунланган рейд ортидан Озарбайжон ва Россия ўртасида кескинлик кучайди. Бу воқеада икки киши ҳалок бўлган, бир нечтаси жароҳат олган ва қамалган. 

Бокудаги сиёсатчилар Екатеринбургдаги рейдни бошқа миллатларга қарши "намойишкорона ва зўравонлик" сифатида баҳолашмоқда. Москва эса бунинг бир неча йил аввалги жиноят иши доирасидаги тергов билан боғлиқ эканини таъкидлаяпти.

Орадан кўп вақт ўтмай Россиянинг "Спутник" агентлигининг икки ходими Бокуда жосусликда гумонланлиб қўлга тушди.

Тўхтатилган тадбирлар

Озарбайжоннинг Маданият вазирлиги мамлакатда режалаштирилган Россияга оид барча маданий тадбирларни тўхтатди.

Озарбайжон делегацияси Миллий Мажлис ва Россия Федерал йиғилиши ўртасидаги парламентлараро ҳамкорлик йиғилишида қатнашмасликка қарор қилди.

Депутат Расим Мусабеков BakuTV каналида бу воқеани “шавқатсизлик” деб атади ва “Озарбайжонликларни Россиядан чиқариш амалиёти” сифатида баҳолади:

“Буни аниқлаштириш керак. Бу кимнинг ташаббуси? Балки маҳаллий куч тузилмалари Москва билан Боку ўртасидаги муносабатлар бузилган, деб ҳисоблаб, вазиятдан фойдаланиб, озарбайжон диаспорасини текширишга қарор қилгандирлар? Ёки бу Москва томонидан Озарбайжонга норозилик белгисими?”

Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги 28 июнь куни Россия элчихонасининг вақтинча ишончли вакили Пётр Волковни чақирган. Расмий хабарга кўра 27 июн кунги рейдда “озарбайжонликлар ўлдирилгани, бир неча одам жароҳат олгани ва тўққиз киши ҳибсга олингани” таъкидланган.

“Биз тергов ишлари олиб борилишига ва зўравонлик учун масъуллар жиноий жавобгарликка тортилишига ишонч билдирамиз”, - дейилади вазирлик тарқатган баёнотда.

Кремлнинг муносабати

Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Мария Захарова РБК нашрига Екатеринбургдаги рейд жиноий ишларни суриштириш доирасида амалга оширилганини билдирган. Унга кўра, гумондорлар Россия фуқаролари бўлган ва 2001, 2010, 2011 йиллардаги одам ўлдириш ҳолатлари билан боғлиқ.

Озарбайжондаги рус жамоатчилиги бу ҳаракатларни қоралаб, холис тергов ўтказишга чақирди.

Екатеринбургдаги маҳаллий ахборот воситалари тарқатган маълумотларга кўра, 2001 йилда Озарбайжон фуқароси Юнис Пашаев пичоқлаб ўлдирилган. Бу жиноятни амалга оширишда “Каспий” кафесининг эгалари Ҳусейн ва Зиёддин Сафаровлар гумон қилинган. Улар 27 июн куни ҳибсга олиш пайтида ҳалок бўлган.

Тергов давомида Екатеринбург суди Мазахир, Акиф ва Аяз Сафаровни 19 июлгача ҳибсда қолдирган. Уларга нисбатан одам ўлдириш моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Бошқа гумондорлар - Ахлиман Ганжиев, Шахин Лалаев ва Бакир Сафаровнинг қамоқда сақлаш муддати 72 соатга узайтирилган. Адвокатлар улар қийноққа олинганини айтишмоқда.

Ганжиевнинг адвокати қамоқхонада журналистларга қуйидагича маълумот берган:

“Далилларни ноқонуний усулларда олиш ҳолатлари бор. Мен ҳимоям остидаги шахснинг ҳаёти ва соғлиги учун хавотирдаман. У ҳозир ҳатто юра олмаяпти. Барча суд мажлисларида у тик туриб қатнашди, чунки ўтира олмайди. Унга нисбатан зўравонликка йўл қўйилмаслиги учун вақтинчалик сақлаш жойида у билан максимал даражада кўпроқ вақт ўтказишга ҳаракат қиламан”.

Россия ҳокимият органлари ФСБнинг рейддаги ролини тилга олмаган. Ички ишлар вазирлиги ва Тергов қўмитаси баёнотларида ушбу ҳибслар икки идора томонидан тезкор жанговор бўлинма (СОБР) ёрдамида амалга оширилгани таъкидланган.

Сўнгги маълумотларга кўра, рейдда ўлдирилган ака-ука Сафаровларнинг жасадлари 30 июнда Бокуга етказилди. Бу иш билан Озарбайжон элчихонаси ва Екатеринбургдаги Бош консулхона шуғулланди.

Бокудаги тинтув

30 июнда Озарбайжон Ички ишлар вазирлиги Россия томонидан молиялаштириладиган “Спутник” ахборот агентлигининг Бокудаги офисида тинтув ўтказди.

Vesti.az сайти манбаларига таяниб хабар беришича, мазкур агентликда ишлаган иккита ходим Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ)нинг жосуси деган гумон билан қўлга олинган.

Февралда Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги вакили “Спутник-Озарбайжон” нашри ёпилганини маълум қилган ва фақатгина битта мухбирга аккредитация олишга рухсат берилганини айтган.

Бу қарор “Бокуда фаолият юритаётган хорижий журналистлар” ҳамда Озарбайжон давлат ахборот воситаларининг чет элдаги мухбирлари учун шартларнинг тенглигини тиклаш мақсадида қабул қилингани таъкидланган. Report нашрига кўра, расмий тақиқларга қарамасдан агентлик ўз фаолиятини давом эттирган.

Ҳалокатдан кейинги алоқа

Боку ва Москва муносабатлари аввал ҳам совуқлашган эди. 2024 йил 25 декабрида Azerbaijan Airlines компаниясининг Бокудан Грознийга йщл олган самолёти Чеченистон пойтахтига қўна олмай, Қозоғистоннинг Оқтау шаҳрига учган ва шаҳар яқинида қулаган. Ҳалокат натижасида 38 киши ҳалок бўлган.

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев самолёт Россия ҳудудида ҳужумга учраганини айтган. Россия ҳукумати бу ҳақда расмий баёнот бермаган. Аммо президент Владимир Путин ушбу ҳолат Россия ҳаво ҳудудида содир бўлгани учун Алиевдан кечирим сўраган.

Ҳалокатдан кўп ўтмай, феврал ойида Озарбайжон ҳукумати мамлакат ҳудудида “Россотрудничество” агентлиги фаолияти тўхтатган. Давлатга қарашли Baku.tv телеканали тайёрлаган “Рус уйи” фаолияти ҳақидаги репортажда унинг ходимлари жосусликда айбланган. Буни танқид қилган Россия Давлат Думаси депутати Николай Валуевга мамлакатга кириш тақиқланган.

20 февралда озарбайжон оммавий ахборот воситаларига киберҳужум уюштирилган. Озарбайжон ҳукумати бунда Россияга алоқадор хакерлик гуруҳини айблаган.

Май ойида эса озарбайжон парламенти депутати Азер Бадамов Россияга киритилмаган. Бунинг учун Боку Москвадан изоҳ талаб қилганди.

Екатеринбургдаги воқеа Россияда куч ишлатар тизим органлари томонидан муҳожирларга, асосан Марказий Осиёдан бориб ишлаётганларга тазийқ ва зўравонлик кучайган бир пайтда бўлди. Россия томони бундай ҳолатларни рейд деб атайди ва ноқонуний миграцияга қарши кураш эканини белгилаб келмоқда. Марказий Осиё давлатларидан юборилган ноталарга қарамай, куч ишлатар орган ходимларнинг ҳаракатларига Москва томонидан ҳуқуқий баҳо берилмаган.

Форум

XS
SM
MD
LG